Тошкент шаҳар ИИББ Сурия давлати ҳудудидаги халқаро террористик ташкилотлар сафига қўшилиш мақсадида кетаётган ака-укалар қўлга олингани ҳақида хабар берди.
Хабарда айтилишича, айрим оммавий ахборот воситаларида Тошкент шаҳрида гўёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи Убайдулла ва Исматулла Бахрамовларни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ноқонуний ҳибсга олинганлиги ва уларга нисбатан ноҳақ айблов қўйилаётганлиги ҳақида асоссиз маълумотлар тарқалган.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ИИББ қуйидагиларни маълум қилди.
Хусусан, жорий йилнинг 20 апрель куни 1985 й.т. Бахрамов Убайдулла Гайбуллаевич ва 1987 й.т. Бахрамов Исматулла Гайбуллаевич Сурия давлати ҳудудидаги халқаро террористик ташкилотлар сафига қўшилиш мақсадида Тошкент халқаро аэропортига кетаётган вақтларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинди.
Текширув давомида уларнинг ёнларидан “Тошкент – Истанбул” йўналиши бўйича 20 апрель кунги рейсга сотиб олинган авиабилетлар ва мобил телефонлари ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосасига кўра, Бахрамов У.Г.нинг мобил телефонлари хотираларида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар мавжудлиги аниқланди.
Бахрамов У.Г. ва Бахрамов И.Г.ларнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2442-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби мавжудлиги инобатга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов жараёнида мазкур шахсларнинг қонуний манфаатлари адвокат Парпиева М.Т. томонидан ҳимоя қилиниб келинмоқда, дейилади хабарда.