Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи Қ. Қ. турмушдан ажрашган ўғли А. О.га яширинча шаръий никоҳ ўқиган, дея хабар қилмоқда EVERYDAY.UZ мухбири.
Амалдаги тартибларга биноан шаръий никоҳ ўқиш диний маълумотга эга бўлган ваколатли шахслар томонидан амалга оширилади ва бунинг учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг рухсати керак бўлади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига мувофиқ никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Тегишли идора рухсатисиз шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай фуқаро, мавқеидан қатъий назар қонун олдида жавобгардир.
Ўз ўғлига яширинча никоҳ ўқиган ота – Қ. Қ.га нисбатан ҳам Пахтаобод туман маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддаси бўйича жазога тортилди.