Кореяда ўзбекистонлик талаба вафот этди, дея хабар қилмоқда EVERYDAY.UZ мухбири.
ТИВ матбуот хизматининг Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги Элчихонаси берган маълумотларга таяниб маълум қилишича, 2019-йилнинг 9-май куни ичида ўзбекистонлик студентлар Мутал Юлдашев (1997-йилда туғилган) ва Фаррух Муминов (1996-йилда туғилган) бўлган Сеул шаҳридаги квартирада маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:30да ёнғин содир бўлган. Натижада Ф.Муминов воқеа жойида вафот этган. М.Юлдашев иккинчи даражали куйиш жароҳатини олган ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун Ҳанил касалхонасига олиб борилган.
Консул ва яқин дўстлари иштирокида марҳумни аниқлаш борасида амалиёт ўтказилди. Дипломатик ваколатхона вакиллари М.Юлдашевнинг аҳволидан ҳам хабар олди. Врачлар беморнинг ҳолатини оғир деб баҳоламоқда.
Шунингдек, ҳозирда полиция томонидан ёнғин сабабларини ва ҳодисага сабаб бўлган бошқа барча омилларни аниқлаш учун тергов олиб борилаётгани айтилган ТИВ хабарида.
Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ мазкур ҳолатни Элчихона назоратда ушлаб турибди, Ҳанил касалхонаси раҳбарияти билан мулоқотда бўлиб турибди ва фуқаромиз жасадини Ватанга жўнатиш масаласи устида иш олиб бориляпти.