Қўқон шаҳридаги масжидлардан бирида имом ёрдамчиси Р.Эргашев (Исм-фамилиялар ўзгартирилган) гиёҳванд моддалари билан қўлга тушди. Бу ҳақда Э.Ҳакимов, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди судьяси ЎзА'га хабар қилди.
У 2017 йил ёз фаслида Ўзбекистон тумани Сулаймон қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтган Катта Фарғона канали бўйида ўсиб турган наша гиёҳвандлик ўсимлигининг шоҳ ва баргларидан териб олиб, яшаш ўйига ташиб келади ва ўзи истеъмол қилиш мақсадида яшаш хонадонининг том қисмида сақлайди.
2019 йил 5 январь куни ДХХ Қўқон шаҳар бўлими ҳамда Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Р.Эргашевнинг яшаш хонадонидан полиэтилен пакетга солинган “марихуана” гиёҳвандлик моддаси далилий ашё тариқасида олинган.
Суд наркологик экспертизасининг хулосасига кўра, Р.Эргашев каннабиноидга тобелик 1-босқичи билан касалланганлиги тиббий йўсиндаги мажбурий даволаниш чорасига муҳтожлиги аниқланган.
Судланувчи Р.Эргашев суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, наша гиёҳвандлик моддасини 3-4 йилдан буён чекиш йўли билан истеъмол қилиб келганини, ушбу ҳолатдан яшаш уйидагилар хабардор эмаслигини маълум қилиб, суддан енгиллик беришни сўради.
Судланувчи Р.Эргашевнинг айби хонадонни кўздан кечириш баённомаси, далилий ашёни тортиб олиш ҳақида далолатнома, экспертиза хулосалари билан тўлиқ ўз исботини топди.
Суд ҳукмига кўра Р.Эргашев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди ва тиббий муассасаларда гиёҳвандликдан мажбурий даволаниш чораси қўлланилди.