Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида содир бўлган пичоқбозлик акс этган видео тарқалган эди. Ўша воқеа юзасидан суд жараёни бўлиб ўтди.
Аслида воқеа 2018 йил 27 октябрида Наманган шаҳрининг “Гўзал” даҳасида жойлашган “Барлос” кафеси яқинида мудҳиш қотиллик жинояти содир этилган.
Шу куни маҳаллий “разборшик” сифатида танилган 24 ёшли Н. К. қаҳвахонада икки йигит билан можарога боради ва ташқарига чиққанда улардан бирининг юрагига пичоқ уради. Натижада “Оромгоҳ” даҳасида яшаб келган 21 ёшли Ж. Ж воқеа жойида ҳалок бўлади. Унинг шериги эса қорнидан яраланади.
"Халқ сўзи"нинг хабар қилишича, тезкор равишда қўлга олинган қотил устидан қўзғатилган жиноят иши яқинда охирига етказилган. У жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л” банди, 25, 97-моддаси 2-қисми “а, л” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Суд ҳукмига кўра, энди Н.К.умрининг 20 йилини қаттиқ тартибли колонияда ўтказади.