Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида яшовчи Зуҳра Умарова келинлигининг ўнинчи кунида эри томонидан аёвсиз калтакланиши оқибатида туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига тушди. Бу ҳақда "Дарё" хабар бермоқда.
Жабрдийданинг айтишича, машъум кеча эри музқаймоқ олиб келиш баҳонасида уйдан чиқиб кетиб, маст ҳолатда қайтиб келган ва жанжал бошлаб, уни шафқатсизларча калтаклаган.
Зуҳра эшик ичкаридан эри томонидан ёпиб қўйилгани туфайли қайнонаси унга ёрдамга келолмаганини айтади.
Ўлгудек саваланган ва ҳушини йўқотган ёш келинчак қўшни томонидан касалхонага олиб борилган.
«Мени ҳатто туққан онам танимади», — йиғлайди Зуҳра. Аёлнинг юзлари шишиб кетган, кўзлари қонталаш ва деярли очилмайди.
Келинчакнинг онаси эса куёви ички ишлар бўлинмасига олиб борилгач, бир оздан сўнг у ердан қўйиб юборилганини ҳикоя қилди. Ҳуқуқ муҳофазаси идораси остонасини тарк этаётган куёв шу ерда турган қайнонасини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаган.
Зуҳранинг онаси, шунингдек, ички ишлар ходимлари «қизингизни ўз пулингизга даволатинг, у оиладан пул сўраб юрманг» дея маслаҳат берганини қўшимча қилди.
«Ўзингизга қимматга тушади» деган сўзлардан сўнг она ўз жигарбандини ҳатто тиббий экспертизадан ҳам ўтказмаган.
Зуҳра Умарова Хотин-қизлар қўмитаси у билан юз берган ҳодисага эътиборсиз бўлмаслигига умид қилади.