Самарқанднинг STV телканали 10 кунлик келинчак Зуҳра Умарованинг эри томонидан шавқатсиз калтаклангани ҳақида видеолавҳа намойиш этди. Бу ҳақда "Дарё" хабар берди.
Маълум бўлишича, қиз 18 майда турмушга чиққан. Тўйдан 10 кун ўтгач, маст ҳолатдаги турмуш ўртоғи номаълум сабабларга кўра унга ташланиб, аёвсиз калтаклаган. Келин ҳушсиз ҳолда касалхонанинг жонлантириш бўлимига олиб келинган.
«Оғзидан қон оқар эди, боши ёрилган. Сал қолса эри уни ўлдириб қўйиши мумкин эди. Мана, орадан тўрт кун ўтди, лекин ҳеч ким хабар олгани келмади», — деган Зуҳранинг онаси.
Қайд этилишича, келин жонлантириш бўлимига олиб келинганда эрига қарши ариза ёзишдан бош тортган. Аввалроқ ички ишлар ходимлари «қизингизни ўз пулингизга даволатинг, у оиладан пул сўраб юрманг» дея маслаҳат бергани ҳамда «ўзингизга қимматга тушади» деган сўзлардан сўнг она ўз қизини ҳатто тиббий экспертизадан ҳам ўтказмагани ҳақида хабар берилган эди.
Қизнинг онасининг сўзларига кўра, қиз қаттиқ қўрқиб кетган ва унинг эри шифокорларга зинадан тушиб кетдим деб айтишни талаб қилган. Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси жабрланувчини ўз ҳимоясига олди.
Қўмита вакилининг сўзларига кўра, қизнинг ота-онаси куёвнинг ичкиликка ружу қўйганини билган, лекин қизнинг ёши сабабли (келин 30 ёшда) турмушга чиқишга кўндиришган. Жабрланган келин иккинчи хотин бўлган. Никоҳ қонунан расмийлаштирилмаган. Уларни маҳаллий имом шаърий никоҳлаб қўйган.
Имомнинг сўзларига кўра, эркакнинг қонунан ажрашмаган яна бир хотини борлигини билмаган. У бир ҳафтадан сўнг никоҳ гувоҳномасини олиб келишга ваъда берган.
Келиннинг эрига нисбатан жиноий иш очилган, тергов ишлари олиб борилмоқда.