Талабанинги исми Муҳаммад Раҳимов бўлиб, у Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиалида таҳсил оларди. У 2019 йил 11 февраль куни соат 8:30 да университет қаршисидаги пиёдалар ўтиш жойидан ўтиб келаётганида, йўлнинг учта полосасидаги машиналар тўхтаб, пиёдаларни ўтказиб юборган.
Аммо тўртинчи полосадан катта тезликда келаётган Cobalt тормоз беришга улгурмай, Муҳаммадни уриб юборган. «Боламнинг соғ жойи қолмаган. Мияси, суяклари, оёқ-қўли синган. Тўққизинчи куни касалхонада ҳушига келмай жон берди», — дейди Муҳаммаднинг отаси Алишер Раҳимов.
Cobalt ҳайдовчиси 60 ёшли Нуғмон Содиқов аввал прокуратурада ишлаган, ҳозирда Андижондаги «Нур Зиё Фемид» хусусий адвокатлик идорасининг эгаси ҳисобланади. ЙТҲ содир бўлган жойда тезлик 50 км/с этиб чекланган, аммо Cobalt ҳайдовчи соатига 80 километр тезликда ҳаракатланиб келган.
Талабанинг ота-онаси бахтсиз воқеа ҳақида университет деканидан хабар топган. Ўткинчи талабалар ва ўқитувчилар Муҳаммадга ёрдам беришга ҳаракат қилган. У ердан ўтиб кетаётган Мудофаа вазирлиги фелдшери ЙТҲни кўриб, тўхтаган ва «Тез ёрдам» келгунича Муҳаммадга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Ҳайдовчи эса ҳеч қандай ҳаракат қилмаган.
Орадан 1,5 ой ўтгач Нуғмон Содиқов маҳалла раиси ва ўз адвокати билан Муҳаммаднинг уйига келган. Уни таниган Муҳаммаднинг ота-онаси келганлардан уйдан чиқиб кетишини сўраган.
Уч ой давом этган тергов ҳаракатларидан сўнг Мирзо Улуғбек туман суди 3 май куни Нуғмон Содиқовни Муҳаммаднинг ўлимида айбдор деб топган ва, унинг ёши катталигини ҳисобга олиб, 4,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Аммо Нуғмон Содиқов суд қароридан норози бўлиб, Тошкент шаҳар судига апелляция берган.
Бир ойдан сўнг қайта суд ўтказилиб, Нуғмон Содиқовнинг ҳаракатлари эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган деб топилган ва у суд залининг ўзида озодликка чиқарилган. «Суд 15 дақиқа давом этди. Муҳаммаднинг ота-онасига судда сўз берилмади. Айбдорга давлат ҳисобига 20 миллион сўм жарима тўлаш жазоси юклатилди», — дейилади «Daryo-Live» хабарида.