Тошкентдаги «Оқтепа лаваш» емакхоналарида овқатдан заҳарланганлар сони 41 кишига етди. Бу ҳақда «Дарё» хабар қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 7 июнь соат 14:00 га қадар Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига 29 нафар, шаҳар 5-сон юқумли касалликлар шифохонасига 8 нафар, шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонасига 2 нафар ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига 2 нафар бемор кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган.
Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, «Овқат токсикоинфекцияси», «Ўткир ичак касаллиги» ва «Ўткир диарея» бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Айни пайтда шифохонада беморлардан лаборатория таҳлиллари учун тегишли барча намуналар олиниб, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган. Мазкур шифохоналар ва унинг бўлимлари зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланган.
Мазкур ҳолат бўйича ўтказилган бирламчи эпидемиологик текширув натижасига кўра, беморларнинг 16 нафари ўз касалликларини Миробод тумани «Қўйлиқ-5» массивида жойлашган, 19 нафари Сергели тумани Сергели-8 мавзесида, 3 нафари Учтепа туманида, 1 нафари Шайхонтоҳур туманидаги Чорсу бозори ҳудудида, 1 нафари Олмазор туманида жойлашган «Оқтепа лаваш» умумий овқатланиш шохобчаларида тайёрланган товуқли сендвични ва яна бир нафар фуқаро буюртма асосида келтирилган маҳсулотни ўз хонадонида истеъмол қилганликлари билан боғлашмоқда.
Қайд этилишича, юз берган ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган. Вазирлик юзага келган эпидемик вазият жойига чиқиб ўрганиб, беморларга ва мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Ҳозирда шифохонада даволанаётган беморларнинг аҳволи қониқарли, оғир беморларнинг йўқлиги сабаб бугун куннинг иккинчи ярмида уларнинг бир гуруҳига уйларига кетиш учун рухсат берилади ва беморлар ўзлари рўйхатда турган ҳудуддаги оилавий поликлиникалар назоратига олиниб, патронаж хизмати билан қамраб олинади.
Аввалроқ Тошкентда 15 киши овқатдан заҳарлангани, улардан 3 нафарининг аҳволи оғирлиги ҳақида хабар берилган эди. Заҳарланиш «Оқтепа лаваш» умумий овқатланиш шохобчаларида тайёрланган товуқли сендвични истеъмол қилганликлари билан боғланаётганлиги сабабли «Оқтепа лаваш» жавобгарликни тўлиқ ўз бўйнига олганлигини маълум қилганди.