Бир ҳафта давомида Тошкент вилоятида қувонарли ҳолатлар билан бирга кўнгилсиз ходисалар ҳам юз берди. Хусусан, 7 июнь куни Тошкент вилоятининг Паркент туманида яшовчи, муқаддам судланган, 41 ёшли И.Н. расмий никоҳсиз турмуш ўртоғи 38 ёшли Л.Р. исмли аёлнинг уйида ўзаро жанжал оқибатида уни курак қисмига ва шу ерда бўлган аёлнинг таниши 41 ёшли Ж.А.нинг кўкрак ҳамда қорин қисмига пичоқ билан уриб жароҳат етказган, натижада Л.Р. ва Ж.А.лар касалхонага ётқизилган. И.Н.ни ушлаш чоралари кўрилиб, жиноят иши қўзғатилган эди.
Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида И.Н. Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида ушланган.
Яна бир кўнгилсиз ходиса Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида содир бўлди. 8 июнь куни вақтинча Нурафшон шаҳар Янгиҳаёт қўрғонида яшовчи 41 ёшли К.К. Бешкек маҳалласи Қорасув кўчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи “Коллектор” канали устига ўрнатилган кўприк устида ўзаро жанжал оқибатида 61 ёшли амакиси А.К.ни итариб юборган ва А.К. кўприк устидан пастга йиқилиб тушиб жароҳат олган.
Натижада А.К. касалхонага ётқизилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай 9 июнь куни шу ерда вафот этган. К.К. ушланган.
Тошкент шаҳрида ҳам Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро иштирокида кўнгилсиз ҳолат юз берди. Гар шундаки, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 2019 йил 10 июнь куни 17.05да Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи 22 ёшли А.А. бошқарувидаги “ЗИЛ-131” русумли юк автомашинасини “Жийдали” маҳалласи ТХАЙ кўчасида ҳайдаб кетаётган вақтида юк автомашинасида ёнғин содир бўлган. Кўрилган чоралар натижасида ёнғин ўчирилган.
Ёнғин оқибатида юк автомашинасининг кузов ости қисми ёниб зарар кўрган ва юк автомашинаси йўловчиси 21 ёшли С.С. куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Ҳозирда юқорида келтириб ўтилган ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.