Г.Алиматова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 200 000 сўм эвазига М.Акбаров ва Г.Собировага ўзи рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиб келаётган хонадондан қўшмачилик мақсадида жой берган. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида мазкур ҳолатга ўз вақтида ашёвий далиллар билан чек қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан шаҳардаги “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғини биносида, сайёр суд мажлисида қўшмачилик билан шуғулланган Г.Алиматовага нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Г.Алиматова суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, опасига тегишли бўлган хонадонда таниши Маҳмуд ва Гўзални жинсий алоқа қилиши эвазига 200 000 сўм пул олганини, ушбу пулнинг бир қисмини Гўзалга бермоқчи бўлганини айтган. У қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, вояга етмаган фарзанди борлиги, бошқа бундай жиноятга қўл урмаслигини билдириб, суддан ва суд мажлисида иштирок этаётган ушбу маҳалла фуқароларидан кечирим сўради.
Суд, судланувчи Г.Алиматовага жазо тайинлашда унинг аёллигини, вояга етмаган фарзанди борлигини, муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, жарима жазоси тайинлашни лозим топди.
Г.Алиматовадан давлат фойдасига 8 109 200 сўм жарима ундирилди.