Аввалроқ сайтимизда устига олов ёқилиб сувга сакраган йигит видеоси тарқалгани ҳақида хабар берган эдик.
Хоразм вилояти ИИБ ўша вазият бўйича расмий маълумот берди.
Ушбу видео юзасидан ички ишлар органлари томонидан олиб борилган дастлабки суриштирув жараёнида видеолавҳада ўзлари акс этган ва овози қайд этилган кимсаларнинг шахсига, ҳодиса қачон ва айнан қаерда бўлганлигига аниқлик киритилган.
Аниқланишича, ушбу шахсларнинг барчаси (4 нафар) Хоразм вилоятида яшаши, улардан бир нафари 1992 йилда, қолган уч нафари эса 1999 йилда туғилганликлари, видеода қайд этилган ҳолат 2019 йилнинг 18 июнь куни Урганч шаҳридан оқиб ўтувчи “Шовот” канали устидаги пиёдалар ўтиш кўпригида содир бўлган.
Танасида ёниб турган олов билан сувга сакраган шахс 2019 йил 19 июнь куни шифохонага мурожаат қилган, унга “оловдан чап қўл елка, бўйин, иккала курак ва бел соҳалари I-II-IIIА даражали термик куйиш. S-20%. Куйиш касаллиги, куйиш шоки ўрта оғир даражаси” ташхиси қўйилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.