Пахтаобод туманидаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган турмуш ўртоғини уриб ўлдирди, дея хабар қилмоқда EVERYDAY.UZ мухбири.
Маълум бўлишича, ушбу воқеага эрнинг спиртли ичимлик ичишга мойиллиги сабаб бўлган.
Икки фарзанднинг отаси мудҳиш воқеа юз берган куни ўз хонадонида спиртли ичимлик истеъмол қилмоқчи бўлган. Бундан дили ранжиган аёл эътироз билдирган ва бунинг ўрнига қишки мавсумга тайёргарлик кўришга чақирган. Ичкиси келиб турган эркак эса хотинини ароқ шишаси ва темир парчаси билан уриб (савалаб), танасининг турли қисмларига 72 та тан жароҳати етказган. Кўп миқдорда олинган тан жароҳатлари оқибатида аёл воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Ичкиликка ружу қўйган оила бошлиғи айни пайтда Пахтаобод туман прокуратурасида кўрсатма бермоқда.