Аввалроқ сайтимизда самарқандлик аёл ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берган эдик. У фарзандларининг кўз ўнгида ўзини сувга ташлаган. "Дарё-лив" каналининг хабар қилишича аёлнинг жасади топилган.
Маълум бўлишича, 17 июль куни соат 10:00 атрофида Самарқанд вилояти ҳудудидаги Дарғом каналига ўзини ташлаб, жонига қасд қилган 1977 йилда туғилган Г.Ҳ. исмли аёлнинг жасади Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан топилган.
Аёлнинг жасади ғаввослар томонидан бир неча кун қидирилган. Кейинроқ Қашқадарёдан қўнғироқ бўлиб, каналдан аёл кишининг жасади топилгани хабар қилинган. Аёлнинг яқинлари Қашқадарёга бориб, жасаднинг шахсини тасдиқлаган.
Ургут туманидаги Оқбува қишлоғида яшаган Г.Ҳ.нинг ёнида 6 ёшли кенжа қизи ҳам бўлган. Уни ҳодиса юз берган куни яқин-атрофдаги одамлар қутқариб қолган. Аёлнинг жами тўрт нафар фарзанди — уч қиз ва бир ўғли бор эди.
Маълумотларга кўра, марҳуманинг турмуш ўртоғи иккинчи оиласи билан Россияда яшаб келган. Аёл нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани маълум эмас.