Самарқанд вилоятида аянчли воқеа юз берди. Эркак ўз қизини зўрламоқчи бўлганда хотини уни ўлдирди, дея хабар қилди "Соф.уз".
Маълум бўлишича жорий йилнинг 26 январ санасида соат таҳминан 22.30 ларда Э.Ў. маст ҳолатда хотини Ў.Ў.ни кўчага яланғоч ҳолатда кўчага чиқариб юборишини ва қизи билан жинсий алоқа қилишини айтган. Шундан сўнг бундай шармандали ҳолатга чидай олмаган Ў.Ў. 0,7 литрли ароқ шишаси билан Э.Ў.нинг юзи ва бошига шафқатсизларча урган. Зарб кучидан ерга йиқилган турмуш ўртоғининг кўкрак ва қорин соҳасига икки оёғи билан чиқиб, қорин ва кўкрак соҳасига икки оёғи билан бир неча маротаба сакраб, унга оғир тан жароҳати етказган. Турмуш ўртоғи яна жанжални давом эттиришининг олдини олиш мақсадида, унинг ўзида эмаслигидан фойдаланиб, уни гиламга ўраб уйидан кўчанинг бошигача судраб олиб чиқиб қўйган. Натижасида, Э.Ў. орадан тахминан 1–2 соат вақт ўтганидан кейин кўчада вафот этган.
Жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судининг «Жаҳонобод» маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган очиқ судида Ў.Ў.нинг жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Ў.Ў. ўз кўргазмасида айбига тўлиқ иқрорлигини билдириб, 2012 йилдан бошлаб турмуш ўртоғи уйга ичиб келиб катта қизига тегажоқлик қиладиган одат чиқарганлигини, у уйда бўлганида қизини турмуш ўртоғининг қўлидан ажратиб олишлигини, у бўлмаганида эса қизи кўчага қочиб чиқишини билдирган. Бу азобларга чидолмасдан қизи Тошкент шаҳрига ишлаш учун қочиб кетган. Шундан сўнг ҳам турмуш ўртоғи Э.Ў. ичишни тўхтатмасдан унга ва болаларига азоб бераверган. 2018 йилнинг ноябрь ойида ишдан уйга келганида турмуш ўртоғи Э.Ў. ичиб келиб иккинчи қизини ураётганлигини кўрган. Уларни ажратиб олганлигидан сўнг қизи уйдан қочиб, ўз жонига қасд қилиш мақсадида ўзини «Нарпай» каналига ташлаган. Бироқ нотаниш кишилар қизни қутқариб қолган.
Жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судининг раисининг маълум қилишича, судланувчи Ў.Ў. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлиши) билан айбли деб топилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.