Самарқандда 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактабнинг 8 синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилган. Бу ҳақда "Дарё" хабар қилди.
Маълум бўлишича воқеа кеча, 25 июл куни кечаси содир бўлган. У ўзини осиб қўйган. Ҳозирча А.Т. нима сабабдан бундай қилгани маълум эмас. Таъкидланишича, боланинг яқинлари мактаб директорига унинг руҳий касал эканлиги боис ҳеч қандай даъвоим йўқ деган тилхат ёзиб берган.
Манбанинг қўшимча қилишича бундан роппа-роси бир йил олдин ҳам айнан ушбу мактабда можароли вазият содир бўлган. 2018 йил 23 июл куни ОАВда ўша мактабда тарбияланувчилар калтакланиб келинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундан сўнг суд қарорига кўра мактабнинг раҳбарлари узоқ муддатга қамалган эди.
Лекин кейинчалик иш Самарқанд вилояти судида апелляция тартибида қайта кўрилиб 64-махсус мактаб-интернати директори Шуҳрат Садинов, тарбиячилар Ш.Очилов ва З.Салимовлар суд залидан озод қилинганди.
Ҳозирда юқоридаги воқеа, бола ўзини осиб қўйгани юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.