Тошкент кўчаларида навбатдаги «пойга» бўлиб ўтди. Ижтимоий тармоқларда қарама-қарши йўналишда қувишиб кетаётган икки «Ласетти» автомобилининг видеоси тарқаб кетди.
Тасвир ўз йўналишида ҳаракатланаётган автомобил йўловчилари томонидан олинган. Видеода аввалига оқ «Ласетти» қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётгани кўринади. Бироз ўтгач, автомобилнинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчи ЙПХ инспектори эканини кўриш мумкин. У қўлида ЙПХ инспекторининг жезлини кўтариб бораётгани тасвирланган.
Қоидабузар «Ласетти» эса узоқ планда кўзга ташланади. У аввал қарама-қарши йўналишда ҳаракатланади ва кейин қайрилиб олиб, йўлни иккига ажратиб турган бетон тўсиқдан ошиб ўтиб, ён кўчалардан бирига кириб, кўздан ғойиб бўлади.
Таъкидлаш жоиз, қоидабузар «Ласетти»ни таъқиб қилиб борган автомобил ЙПХ хизмат автомобили эмас, дея хабар қилди "Хабу.уз".