Олмазор туман ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосари Абдурасул Ваҳабов "Кун.уз" ходимларига ҳужум қилди.
Маълум бўлишича, 14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлган.
Мурожаатда ташкилот томонидан тумандаги «Иброҳим ота» маҳалласида 2 қаватли уйлар қурилиб, кам таъминланган ва муҳтож оилаларга берилгани, бу уйларни қуриш учун МЧЖ томонидан жами 1,5 млрд сўмга яқин қийматдаги иш бажарилгани, бироқ шундан 800 миллион сўмга яқини 2018 йилнинг январь ойидан буён берилмай келаётгани айтилган.
Олмазор туман ҳокимлиги биноси реконструкция қилинаётгани боис ҳокимлик аппарати вақтинча яқин атрофдаги коллеж биносига кўчган экан. Ҳаммаси мазкур коллеж ҳудудида содир бўлгани айтилмоқда.
Kun.uz ходимлари мурожаат бўйича изоҳ олиш мақсадида ичкарига киришганида туман ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосари Абдурасул Ваҳабов дастлаб тадбиркорларга, сўнг Kun.uz ходимларига давлат органи ходимига хос бўлмаган тарзда муомалада бўлган. У видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланган ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлаган.
Ачинарлиси, воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб туришди. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилган.
Қуйидаги вижеолавҳада вазият тўлиқ намойиш этилган.