Самарқанд вилоятида "ЗАГС"га кетаётган "кортеж" иштирокчиларининг 2 нафари 10 суткага, 9 нафарига эса 7 суткадан қамоқ жазоси белгиланди.
Маълум бўлишича, жорий йил 16 август куни Самарқанд шаҳар Сартепа маскани «Туркистон» кўчасидаги автомобиллар карвони кўпчиликда хавотир уйғотган. Улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, транспорт воситаси ҳаракатини кескин ўзгартириб, йўл ҳаракати қоидаларини қасддан, қўпол равишда бузаётган бу ҳайдовчилар қилаётган амаллари ҳеч бир тартибга тўғри келмаслигини ўйлаб ҳам кўришмади. Янаям ажабланарлиси, улар шовқин кўтариб, жамоат тартибини, бу орқали кўпчиликнинг ҳаловатини бузган.
Тезкор ҳаракатлар натижасида "кортеж" автомашиналари жарима майдончасига олиб борилган.
Шундан сўнг суд «ЗАГС» карвони иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларини майда безорилик, деб топган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади деб белгиланган.
Самарқанд шаҳар маъмурий суди 16 август куни «Туркистон» кўчасидаги содир этилган ҳолат иштирокчиларининг 2 нафарига 10 сутка, 9 нафарига эса 7 суткадан қамоқ жазоси белгилади, дея хабар қилди "Хабар.уз".