Самарқанд вилояти Isuzu русумли йўловчи автобуси MAN русумли юк машинаси билан тўқнашув содир этган. Ҳодиса 3 сентябрь куни соат тахминан 7:00 да Жомбой тумани Бешбола қишлоғи ҳудудида юз берган. Тўқнашув қандай, кимнинг айби билан юз бергани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, автобусда 31 нафар йўловчи бўлган. Уларнинг қайси манзилдан қаерга кетаётгани, шахси ва касб-кори ҳақида ҳозирча маълумот берилмади.
Автобуснинг бир йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлган, яна 22 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олган. Барча жабрланувчилар 8 та тез тиббий ёрдам бригадаси кўмагида тезкор равишда Жомбой туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Айни вақтда 6 жабрланувчи Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига кўчирилган, 3 нафар беморга Жомбой туман тиббиёт бирлашмасида, 13 нафар беморга эса амбулатор тиббий хизмат кўрсатилмоқда.