«Ўзбек давлат цирки»да артистнинг баландликдан йиқилиб тушиши юзасидан расмий маълумот берилди.
1 сентябрь куни «Ўзбек давлат цирки»да бўлиб ўтган томоша вақтида Ирина Валтер аренадан, баландликда (ҳавода) «Жуфтлик полотно» номерини амалга ошираётган сўнги дақиқада йиқилиб тушди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, 1983 йилда туғилган Ирина Валтер циркда 15 йилдан ортиқ ишлаган кўп қиррали артист. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Ирина Валтернинг аренада ётган ҳолатини кўриш мумкин.
Ирина Валтерга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатилди. Тиббий текширув натижаларига кўра чап оёқ бўғимларининг чўзилиш ташхиси қўйилди. Ҳозирда Ирина Валтернинг аҳволи яхши, уй шароитида даволаниш ишлари давом эттирилмоқда.