Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги ҳокимлик биносида 6 сентябр куни уч нафар ходим пичоқланди.
Маълум бўлишича пичоқланганларнинг бири 1963 йилда туғилган Ж.Р. туман ҳокимлигида қишлоқ хўжалиги бўлими ходими бўлиб ишлайди ва яна иккиси ҳокимлик биносида жойлашган «Агробанк» туман филиали ходимлари Н.Ш ва У.Х.лар бўлган. Уларнинг барчаси ўша куни шифохонага мурожаат қилган. Ж.Р. 6 сентябрнинг ўзида реанимация бўлимига ётқизилган. Ҳозирда у палатага ўтказилган. Н.Ш ва У.Х.ларга жавоб бериб юборилган.
"Кун.уз"нинг гувоҳлар сўзларига таяниб маълум қилишича ўша куни маст фуқаро бинога келиб қўлидаги пичоқ билан ходимларни жароҳатлаган. Гувоҳлар яқин ўртадаги ИИБ ходимини чақирган ва у ҳужум қилган шахсни қўлга олган.
Бу ишни туманда яшовчи фермер Б.А. маст ҳолатда содир этгани маълум бўлган.
Ҳозирда воқеа юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.