Аввалроқ сайтимизда ММА жангчиси 23 ёшли Муслим Омонов пичоқбозлик натижасида вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Тошкент шаҳар ИИББда ўтказилган брифингда подполковник Исломбек Жаҳонгиров воқеа тафсилотлари ҳақида айтиб берди.
Унинг сўзларига кўра 3-4 йигит иштирокидаги жанжал Юнусобод туманидаги кафеларнинг бирида бошланган. Бунга сабаб қўшни столда ўтирган йигитларнинг бири узоқ вақт норозилик кайфиятида улар томонга қарайверган.
Шундан сўнг жанжал иштирокчилари тунги соат 2:00лар атрофида вазиятни ойдинлаштириш учун Шайхонтоҳур туманидаги Абай ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишмасига бориб тўхтаган. Улар "Спарк" ва "Матиз" автомобилларида келган. Йигитлар дастлаб гап талашишган ва сўнгра бу даҳанаки жанга айланиб кетган.
Жанжал вақтида Шайхонтоҳур тумани Қоратош кўчасида яшовчи Абдулворис исмли йигит пичоқ билан Муслимбек Омоновга ҳужум қилган ва унга бир неча маротаба тиқиб олган.
Жангчи кўп қон йўқотиш оқибатида биринчи ёрдам берилишига қарамай вафот этган.
Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) жиноят иши қўзғатилган.