Самарқандда 1999 йилда Булунғур туманида туғилган Дилмурод Болтаев (исм, фамилиялар ўзгартирилган) акаси Одил Болтаевни "Дамас" автомашинасини бўлиша олмай, ўлдирди. Бу ҳақда "Зарньюс.уз" хабар қилди.
Маълум бўлишича Дилмурод Болтаев акаси Одил Болтаев билан Россияга ишлашга кетади ва иккиси йиққан пулга "Дамас" сотиб олади. Шундан сўнг улар ўртасида жанжал бошланади.
Дилмурод "Дамас"га тўлиқ эгалик қила олмагани учун акасидан жаҳли чиқади ва уни йўқ қилиш йўлларини излай бошлайди. Шу мақсадда Дилмурод бу ишга жияни 2002 йилда туғилган 10 синфда ўқийдиган Элёр Носировни ҳам жалб қилади.
Жиноий режага кўра, судланувчи Д.Болтаев акаси кечки пайт ишдан қайтаётганида “Дамас” русумли автотранспорт воситасини тўхтатиб, Э.Носиров билан бирга чиқиб олишади. Д.Болтаев автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтириб, арқон ёрдамида акасининг бўйнидан бўғади. Автомашинанинг олди ўриндиғига жойлашган жияни ҳаракатланган автомашинанинг калитини бураш йўли билан тўхтатиб, О.Болтаевнинг қўл ва оёқларини ушлаб туради.
Иш “хамирдан қил суғургандек”, осон кўчди деб ўйлаган шоввозлар адашган эди. Негаки, О.Болтаев ҳали вафот этмаган ва ҳушига келган эди. Шунда Д.Болтаев автомашинани Мирза ариқ канали бўйида тўхтатади. Акасини бўйнидан арқон билан тортганча машинадан тушириб, уни бўғиш орқали қасддан ўлдирган.
Икковлон жиноятни яшириш мақсадида О.Болтаевни ўз жонига қасд қилгандек кўрсатиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органни чалғитиш орқали жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида дала четида ўсиб турган қатор тол дарахтлардан бирига осиб қўйишган.
Ҳозирда иш Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг судьяси Т.Қодиров раислигида кўриб чиқилмоқда.