Сайтимизда йигит ўз акасини "Дамас" учун ўлдиргани ҳақида хабар берган эдик. Zarnews.uzнинг хабар беришича Самарқандда ана шу йигитга суд ҳукми ўқилган.
Бугун жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судида судья Т.Қодиров раислигида ўтган суд мажлисида булунғурлик К.Б. ва М.О.га нисбатан ҳукм ўқиб эшиттирилди, дейилади хабарда.
Суд марҳумнинг укаси К.Б.га тайинланган жазоларни қисман қўшишлик йўли билан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Вояга етмаган судланувчи М.О.га эса 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони тарбия колонияларида ўташ белгиланди, дея қўшимча қилди манба.
Эслатиб ўтамиз, булунғурлик йигитча коллежни ташлаб Россияга ишлашга кетган, у ерда топган пулига ака-ука “Дамас” русумли автомашина харид қилган эди. Сўнгра, К.Б. машинага тўла эгалик қилиш мақсадида ўз акасини ҳали мактаб ўқувчиси бўлган жияни М.О. билан биргаликда ўлдириб, гўёки ўзини осган деган тасаввур уйғотиш учун дала четида ўсган толларга осиб қўйган эди.