Тошкентда бир гуруҳ шахслар Суриядаги халқаро террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштирганлиги аниқ бўлди. ИИВ ва ДХХ ходимларининг саъй ҳаракатлари билан улар ушланди, дея хабар қилди ИИВ.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 1-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан фуқаролар Б.Т., У.М. ва Ж.А.ларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур жиноят иши доирасида 2019 йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва ДХХ ходимларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбирлар натижасида, юқорида қайд этилган шахсларнинг Сурия давлати ҳудудидаги халқаро террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштириб келганликда гумон қилинган 8 нафар жиноий шериклари аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган. Ушбу шахсларнинг яшаш манзилларида тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилиб, жиноят ишига дахлдор бўлган ашёвий далиллар олинган. Олинган ашёвий далиллар юзасидан тегишли экспертизалар тайинланиб, ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади вазирлик ахборотида.
Шунингдек, ИИВ фуқаролар, айниқса ёшларни бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликларини, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраб, огоҳлантирди.