Данғарада мактаб директор ўринбосарлари селекторга кетаётган вақтида ЙТҲга учрагани ҳақида хабарлар тарқаган эди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати уларни вилоят ҳокимлигига чақирилмаган, деб изоҳ берди.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида ЙТҲ туфайли 2 нафар мактаб директор ўринбосари ҳалок бўлгани ва 2 нафари шифохонага тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тармоқдаги хабарларга кўра, мактаб директори ўринбосарлари Қўқон туманига Фарғона вилояти ҳокими ўтказадиган селекторга кетаётган бўлган.
Ушбу ҳодиса юзасидан Фарғона вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди:
“Данғара туманида мактаб директори ўринбосарлари кетаётган автомобиль ЙТҲга учради. Ижтимоий тармоқларда директор ўринбосарлари фожеасини вилоят ҳокими Ш.Ғаниевга боғламоқчи бўлишган.
“Фарғона ҳокими Ш.Ғаниев тунги селекторга чақиртирган мактаб раҳбарлари аварияда ҳалок бўлди” сарлавҳали мақоласида шундай ёзади: “Мактаб раҳбар муовинлари Фарғона вилояти ҳокимлигида соқол ва рўмол масаласида 30 сентябрга ўтар кечаси ўтказилган тунги мажлисда қатнашиш учун қарийб 90 километрлик масофага “Нексия 1” машинасида йўлга чиққан”. Мақолада ёзилишича, ҳайдовчи Қўқон шаҳрига кираверишда машинани чироқ устунига урган.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати 30 сентябрга ўтар кечаси Фарғона вилоят ҳокимлигида ҳеч қандай селектор йиғилиши ўтмаганлигини, бошқа бирон бир сабаблар билан ҳам ҳеч ким, жумладан, Данғара туманида автоҳалокатга учраган шахслар вилоят ҳокимлигига чақирилмаганини билдиради”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳодисани, “Бу Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга, давлат бошқарув идораларига қарши ғаразли ниятда атайин уюштирилаётган, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш, фуқароларнинг норозилигини шакллантиришга қаратилган қабиҳ режанинг амалий ижросидан бўлак нарса эмас”, деб изоҳламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ички ишлар вазирлиги ҳам ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган Фарғонадаги мактаб директори ўринбосарлари вилоят ҳокимининг тунги селекторига чақирилганини инкор қилган эди.