24 август куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган Mont Blanc хусусий пластик жарроҳлик клиникасида операция қилинган 20 ёшли ҳомиладор аёл Гулшан Шарифова вафот этди. Самарқанддан Тошкентга операция учун келган бу аёл Mont Blanc шифокорлари хатоси билан беш кун ичида нобуд бўлган иккинчи мижоз эди.
Ундан аввалроқ қозоғистонлик Л.А ҳам ушбу клиникага бурун тўсиғидаги қийшайиш шикояти билан мурожаат қилган ва у жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, бурун тўсиғи қийшайиши тўғирланганди. Аммо у жарроҳлик амалиётидан кўп вақт ўтмай вафот этган.
Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га ушбу ўлимлар юзасидан маълумот тақдим этди.
«1976 йилда туғилган бемор Л.А. Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида жойлашган Mont Blanc хусусий клиникасига бурун тўсиғидаги қийшайиш шикояти билан мурожаат қилган.
Унинг розилиги билан клиникада ташқи бурун деформацияси ва бурун тўсиғи қийшайишини тўғирлаш бўйича шифокорлар томонидан жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, бурун тўсиғи қийшайиши тўғирланган.
Жарроҳлик амалиётидан сўнг бемор мустақил нафас олишга ўтказилган ва унга антибактериал даво мақсадида тиббий муолажалар кўрсатилган.
Шундан сўнг беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва чуқурлаштирилган текширишлар ўтказиш мақсадида РШТЁИМга олиб борилган.
Марказ шифокорлари томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бемор шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Суд тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, Л.А.нинг ўлими «бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши натижасида юзага келган чап бош мия ярим шарлари асоси геморрогик инсулти»дан юз берганлиги қайд қилинган.
Бундан ташқари, бемор Ш.Г.га (1999 йилда туғилган) Mont Blanc хусусий шифохонасида жарроҳлик амалиёти ўтказиш вақтида унга юборилган наркоз нотўғри таъсир қилиши натижасида аҳволи оғирлашган ва уни зудлик билан Олмазор туманида жойлашган Akfa Medline хусусий шифохонасига олиб келиниб, керакли тиббий муолажалар амалга оширилганлигига қарамасдан, бемор Ш.Г. ушбу шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Ҳозирда иккала ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан терговолди текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.
Айни вақтда Mont Blanc хусусий клиникасида ўтказилган жарроҳлик амалиёти бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига хизмат текшируви тайинланган.