Кеча, 2 октябрь куни Хоразм вилояти Урганч шаҳрида 2017 йилда туғилган қизалоқ қаровсиз қолдирилиши оқибатида "Nexia" автомашинаси ичида ёниб кетди.
Маълум бўлишича, Урганч шаҳридаги Шодлик кўчаси, 37-уйда яшовчи фуқаро Д.Ғ. 2017 йилда туғилган қиз набираси А.Р. билан “Альфа-омега транссервис” МЧЖга тегишли бўлган “Nexia” русумли автомобилида Чаккашоликор қишлоғида яшовчи танишининг уйига борган. Д.Ғ. автомобилда набирасини ёлғиз қолдирган ҳолда танишининг уйига кириб кетган.
У тахминан 10 дақиқадан кейин қайтганида автомобилда ёнғин чиққанига гувоҳ бўлган. Ёнғин атрофдаги фуқаролар ёрдамида ўчирилган. Орқа ўриндиқда қолиб кетган А.Р. Урганч шаҳридаги болалар шифохонасига олиб борилган. Қизалоқ куйиш тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.
Хабарда келтирилишича, автомобилнинг орқа ўриндиғининг 0,5 квадрат метр майдони ёнган. Туман прокуратураси ҳодиса юзасидан суриштирув олиб бормоқда. Ёнғин сабаби аниқланмоқда.