Наманганнинг Чуст туманида эр ўз хотинини ваҳшийларча ўлдирди. Бу ҳақда "Дарё" хабар қилди.
Ўша туманда яшовчи Элёр Мўминов 2018 йил март ойида Фотима Эшонова билан шаръий никоҳдан ўтиб, турмуш қурган. Эрнинг ўзи бекорчи бўлса ҳам хотинини ишлашга қўймаган.
Фотима тумандаги қаҳвахоналарнинг бирида официант бўлиб ишлаган. 2019 йил март ойида Элёр хотини ишлаётган қаҳвахонага ширакайф ҳолатда бориб, эркакларга хизмат қилаётганини кўргач у ерда ишламаслигини талаб қилган ва қаҳвахона бошлиғига бориб Фотиманинг ойлигини беришини сўраган. Шундан сўнг эр-хотин бирга қайтаётганда Элёр йўлда ҳам ароқ ичишни давом эттирган. Уйга борганда эр хотин жанжаллашган ва Фотиманинг гапларидан ғазабланган Элёр токчада турган пичоқ билан икки марта урган. Шундан сўнг Фотима одамларни ёрдамга чақириб, кўчага қочиб бораётганда Элёр ортидан келиб, уни йқитиб, бўйнига пичоқ тортган ва пичоқни ариққа отиб юборган.
Элёр ўша куниёк тезкор қидирув натижасида ушланган. ЖИБ Наманган вилояти судида бўлиб ўтган суд жараёнида Элёр хавфли рецидивист деб топилган. Чунки Э. Мўминов шу кунгача 4 марта судланган бўлган. Суд ҳукмига кўра эса Элёрга 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланган.