ДХХ Самарқандда пиротехника воситаларини сотаётган фуқарони воқеа жойида қўлга олди.
Маълум бўлишича, ДХХ ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда вилоятнинг Самарқанд туманида З.А.ни қўлга олган. У 14 турдаги 500 донадан ортиқ пиротехника воситаларини 25 млн. сўмга сотаётган вақтида ушланди. У ушбу воситаларни Самарқанд шаҳрида яшовчи Т.С.дан олганини маълум қилган.
Шундан сўнг ходимлар Т.С.нинг хонадонини текширган. Натижада унинг хонадонидан тахминан 300 млн. сўмга тенг бўлган 62 турдаги 22 минг 941 дона пиротехника воситалари, шу жумладан, жуда кучли портловчи ва ҳаракат радиуси кенг бўлган маҳсулотлар борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилди.
Эътиборли жиҳати, Т.С. бундай қилмиши учун 2015 йилда ҳам жавобгарликка тортилган.
Энди улар қилмишларига яраша жазо олади, дея хабар қилди ДХХ.