ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний йўл билан олтинни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш ҳамда мамлакатимиз ичида унинг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Хусусан ана шундай ҳолатларнинг иккитаси Тошкент вилоятининг «Ғишткўприк» халқаро ўтказиш пунктида амалга оширилди. Маълум бўлишича андижонлик фуқаролар “С.О.”, “Р.Ф.”, “К.Г.”, “А.М.” ва “Р.А.”лар Ўзбекистондан 1 кг. 168 гр олтинни ноқонуний олиб чиқиб кетаётганда ушланган. Яна бир андижонлик эр-хотин Н.Б. ва М.Ў. 1 кг. 116 гр.олтинни айнан шу постдан боласининг “памперси” орасига яшириб ўтмоқчи бўлганда ушланди. Юқоридаги ҳар иккала ҳолатда ҳам гумонланувчилар олтинларни Қозоғистон орқали Ҳиндистонга олиб бормоқчи бўлган.
Шунингдек, Ангрен ва Олмалиқдаги ёпиқ шахтадан мунтазам олтин қазиб, уни сотиб келган фуқаро М.Д. ҳам ушланди.
У доимий равишда Андижонда яшовчи Н.У.га олтинларни сотиб келган. М.Д. навбатдаги олтинни Т.М. орқали Н.У.га бериб юборганда ДХХ ходимлари томонидан ушланади. Т.М.нинг “Ласетти”сидан 1 кг 476 гр олтин ва 14 минг доллар ҳамда 8,9 млн сўм чиқади. Т.М. ушбу олтинларни Н.У.нинг илтимосига кўра олиб бораётганини айтганда тадбир давом эттирилиб Н.У. ҳам ушланди ва у М.Д.дан олтинларни доимий сотиб олганини тан олди.
Юқоридаги қайд этилган барча ҳолатлар юзсидан жиноий иш қўзғатилди.
Шу билан бирга ДХХнинг тезкор тадбири натижасида яна бир ноқонуний фаолиятга чек қўйилди. Тошкент вилоятида яшовчи Ғ.Р. “Қамчиқ” довонида жойлашган кафеларнинг бирида наманганлик Ғ.А.га 1 кг.дан ортиқ олтинларни 294 млн. 600 минг сўмга пуллаётганда воқеа жойида қўлга олинди. Суд ҳукмига кўра “Ғ.Р.” 4 йилга, “Ғ.А.” 3 йилга қамалди.