Кеча, 20 январ куни Тошкентда пойтахт прокуратураси томонидан таниқли дизайнер Наримон Григоряннинг ўлими юзасидан брифинг ўтказилди.
Унда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Хусусан, аввалроқ тармоқларда дизайнер 14 январдан уч кун олдин ўлдириб кетилгани юзасидан хабарлар тарқалган эди. Мутасаддилар ушбу хабар ёлғон эканини айтиб, фожеа содир бўлган куннинг эртасигаёқ хабар келиб тушгани маълум қилинди.
Шунингдек, журналистлар томонидан миш-мишли хабарларга ҳам ойдинлик киритилиши сўралди. Григорян бошқа бир боланинг унга рашки сабаб ўлдирилдими мазмунидаги савол ҳам ўртага ташланди.
Шаҳар прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи Анвар Ўрмонов ушбу миш-мишни инкор этиб, жиноят ишида бундай маълумот йўқлигини айтди. Қотилнинг мақсади мол-мулк ва пулга эгалик қилиш бўлган, деди Ўрмонов.
Ўз навбатида, Тошкент шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Севара Саиджонова саволни «жуда ўринли ва мантиқли» деб атади. «Бу жиноятнинг очилганига бир неча кун бўлди. Бизнинг қўлимиздаги терговга тегишли материал бўйича сиз айтган рашк факти ҳали тасдиқланмаган. Айбланувчи кейинчалик қандай кўрсатмалар беради — буни билмаймиз. Тергов якуни бўйича ОАВга ахборот берилиши таъминланади», — дея Саиджонованинг сўзларини келтирди "Дарё" нашри.