Тошкентдаги нодавлат таълим маркази мансабдорларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда "Даракчи" Бош прокуратура Матбуот хизмати маълумотига таяниб хабар қилди.
Маълум бўлишича “BRITISH FOUNDATION TASHKENT” нодавлат таълим маркази мансабдорлари марказга келган ўқувчиларнинг ота-оналаридан фирибгарлик йўли билан пул олган. Улар ота-оналарга марказда ўқишдан сўнг фарзандларини Буюк Британиянинг машҳур университетларида ўқишини ваъда берган. Агар фарзанд марказ тестидан ўтолмаса Тошкентдаги “Westminster” университети ёки Сингапур менежменти институтида ўқишини айтган. Шу йўл билан улар 30 ўқувчининг ота-онасидан 7 минг доллардан, жами 210 минг доллар олган.
Шунингдек, улар ўзларига ортиқча ойлик ёзиб олиб жами 674,6 млн. сўм пулни талон-тарож қилган.
Ҳозирда ушбу марказнинг мансабдорларига нисбатан тегишли моддалар билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.