Андижоннинг Асака туманида аёл эрини ўлдириш учун одам ёллади. Бу ҳақда хабар.уз хабар қилди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 9 феврал куни 1984 йилда туғилган тадбиркор аёл О.Д. тумандаги "Гумбаз" кафесида эри 1985 йилда туғилган, тадбиркор А.Ш.ни ўлдириш учун фуқаро А.А. билан келишиб олади. Унга кўра аёл А.А.га 50 минг доллар бериши керак бўлади ва ўша ерда "аванс" сифатида 6 минг доллар беради. Шундан сўнг аёл таниши Ж.Э.дан ёлланган "киллер"га яна 2 жуфт сариқ металдан ясалган аёллар билакузуги ва 1 дона сариқ металдан ясалган занжир ҳам бериб юборади.
2020 йил 14 феврал куни эса "ёлланган" А.А. ва Ж.Э.лар "Ирис" кафесида учрашишади. У ерда А.А. аёлга эрининг ўлдирилган суратларини кўрсатади ва аёл ишонч ҳосил қилгач унга ваъда қилинган пул ҳисобидан тилла тақинчоқлар (аёллар занжири, браслет, узуклар, сирға) бераётган пайтда тегишли орган ходимлари томонидан ташкил этилган махсус тадбир натижасида қўлга олинади.
Манбанинг маълум қилишича, ҳозирда аёл қўлга олинган ва унга нисбатан Асака туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.