Наманган вилоятида ота ўз фарзандини чўктириб юборди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Лазизжон БАРАКАЕВнинг маълумотига таяниб хабар қилди.
Маълум бўлишича, 2018 йилда турмуш қурган Равшан ва Роҳила (исмлар ўзгартирилган) фарзандли бўлгач кўплаб уруш-жанжаллардан сўнг ажрашиб кетишди. 2019 йилнинг апрел ойида суд бола уч ёшга тўлгунча отанинг даромадининг 70 фоизини алимент тариқасида тўлаб бориши ҳақида қарор чиқарди. Шундан сўнг боласи ўзиники эмаслигидан гумонланиб юрган ва алимент тўлаб аламга тўлиб юрган Равшан май ойида ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари болани онасининг иштирокида икки соатга кўришиш тартибига эришди.
Шу зайлда кунларнинг бирида июнь ойида Равшан қайнонасининг уйига бориб хотинига болани олиб чиқишни айтади. Аёл эса вақти йўқлигини айтади. Шунда Равшан бир пиёла чой олиб чиқишни буюради ва ўша заҳоти Равшан болани олиб Катта Фарғона томонга бориб, уни сувга ташлаб юборади. 1 ёшга ҳам тўлмаган бола эса сувда оқиб, нобуд бўлади. Орадан кўп ўтмай Равшан отаси билан Наманган шаҳар ички ишлар бошқармасига борди ва айбига иқрор бўлиб, бор гапни айтиб берди.
Ҳодиса юзасидан бўлиб ўтган судда, Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди қотил отага 18 йил қамоқ жазоси тайинлади. Шу билан бирга у жазонинг дастлабки 2 йилини турма режимида, қолган қисмини умумий тартибдаги колонияларда ўташи белгиланди.