Аввалроқ сайтимизда карантин бўлганига қарамай Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида куёв навкар ташкиллаштирилгани ҳақида ёзган эдик. Воқеа содир бўлгач, 1998 йилда туғилган келин К.Ш. ва 1997 йилда туғилган А.А. ҳамда тўй ташкилотчилари ИИБ биносига олиб келинган.
Мазкур маросим ташкилотчиси, келиннинг отаси 1965 йилда туғилган А.Ш.га нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар қилди.
Маълум бўлишича, ота тўйдан олдин огоҳлантирилганига қарамай куёв навкар маросимини ташкиллаштирган. Шундан келиб чиқиб отага нисбатан ЖКнинг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
"Дарё"нинг хабар қилишича, ушбу моддадаги жиноятни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.