Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида депутат маъмурий қамоқ жазосига ҳукм этилди. Бу ҳақда Фарғона вилоят ҳокимлиги хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 28 март санасида Қўқон шаҳар кенгаши депутати М.А. Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутатлари аъзо бўлган телеграм канали орқали ҳуқуқ тартибот органлари ходимларини ҳақоратлаб, улар ҳақида соҳта уйдурмалар тарқатган ва уларнинг қонуний талабларини бажармасликка омма олдида ҳар қандай шаклда даъватлар қилган.
Шундан сўнг Қўқон шаҳар прокурорининг 30 мартдаги тақдимномасига асосан, Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгашининг шу куни қабул қилинган қарори билан депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик берилган. Тўпланган иш материаллари Қўқон шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди.
Суд қарорига кўра депутатга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, ундан маъмурий қамоқ ҳаражатларини ундириш лозим топилди.