Аввалроқ тармоқларда "Каптива" автомашинасида қурол билан ҳаракат қилган йигитнинг видеолавҳаси тарқалган эди.
Бугун ўша йигит қилган ҳаракати учун узр сўради. Видеодаги йигит асли бекободлик, ҳозирда Лондонда ўқиётган Абуҳалилов Шоҳруҳ экани маълум бўлди. Шоҳруҳ видеодаги қурол тахтадан ясалган ўйинчоқ эканини айтиб, воқеа 3 ва 5 феврал орасида содир бўлганини билдирди. У инстаграмдаги саҳифасига видеони жойлагандан сўнг, тарқаб кетганини айтди. Шунингдек, йигит ҳеч қандай мақсадсиз ушбу видеони тасвирга олганини таъкидлади.
ЙҲХБ томонидан тайёрланган видеолавҳада йигитга "Каптиваси бор, тонировка тортиб олган, чет элда ўқийдиган, депутатнинг ўғлига ҳамма нарса мумкинми", дея берилган саволга "йўқ" деб жавоб берган.
Шоҳруҳ қилган ишидан пушаймон эканини айтиб, барчадан узр сўраган.