Кеча ижтимоий тармоқларда Наманганда нимадир портлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА сайтида "Наманганда содир бўлмаган портлаш ҳақида" номли хабар эълон қилинди. Қуйида мақолани тўлиқ ҳавола этамиз.
2018 йил 6 декабрь куни соат 12 ларда Наманган шаҳрида кучли портлашни эслатувчи гумбурлаган овоз эшитилди ва аҳолини саросимага солиб қўйди.
Кўпчиликнинг хаёлига: “Яқин атрофдаги бирорта автомобилларга газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди шекилли”, деган тахмин бўлди. Орадан кўп ўтмай, турли ижтимоий тармоқлар, телеграм каналларда Мингбулоқ нефть конида портлаш юз берибди, деган норасмий хабарлар тарқала бошлади.
Республикамизда кўп сонли ўқувчилар аудиториясига эга Turon 24, kun.uz, daryo.uz каби интернет нашрлари “Наманганда портлаш содир бўлди” тарзидаги норасмий хабарлар билан омма эътиборини ўзига жалб этди.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати билан боғландик:
“Ҳақиқатда кучли гумбурлаш овози эшитилган, бироқ бу нуфузли сайтлар талқин этганидек, Мингбулоқ туманидаги нефть конидан чиқмаган”, дея хабар берилади вилоят ИИБ матбуот хизмати тақдим этган маълумотда.
– Мазкур сайтларда таъкидланган “Айни вақтда ҳудуд хавфсизлик нуқтаи назаридан ўраб олинган ва фуқаролар кириши чекланган”, деган ахборот мутлақо асоссиз, – дейди Мингбулоқ тумани ИИБ бошлиғи, подполковник А. Хўжаханов. – Чунки хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга ошириладиган бу ҳолат, аввало, ички ишлар тизими зиммасида. Ҳозирги кунга қадар шахсий таркибимиз бу каби ишларга жалб қилинмади, ҳамма ўз хизмат жойида. Қолаверса, туман бўйича олиб борган ўрганишларимиз натижасида ҳудудимизда ҳеч қандай портлаш содир бўлмаганини аниқладик.
– Янгиликларни интернет орқали ўқиб, очиғи, ҳайрон бўлдим, – дейди “Мингбулоқнефт” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси бош муҳандиси И. Улуғхонов. – Чунки 6 декабрь куни соат 12:00 ларда иш жойимда эдим ва бу ерда ҳеч қандай портлаш содир бўлмади, қолаверса, нефть сизиб чиқаётгани ҳақидаги гаплар ҳам асоссиз. Аммо гумбурлаш овози бизга ҳам эшитилди.
Демакки, берилаётган маълумотлар асоссиз ва тасдиқланмаган. Асосланмаган маълумотни оммага тақдим этиш эса халқ ишончини қозонаётган нуфузли нашрларга ярашмайди. Зеро, доно халқимиз топиб айтганидек, ўйнаб гапирсак ҳам, ўйлаб сўзлайлик. Чунки сўзимизнинг ортидан эргашгувчи халқ кўнглига ғулғула солишдан ҳеч кимга фойда йўқ. Аксинча, одамларнинг ҳаловати ўғирлангани, асоссиз таҳликалар кўнгилни тинчсизлантиргани қолади, холос. “Табиат ҳодисаси бўлиши ҳам мумкин деб эҳтимол қилинаётган бу ҳолат бўйича ҳозирда ўрганишлар давом эттирилмоқда”, дейилади вилоят ИИБ матбуот хизмати томонидан тақдим этилган расмий маълумотда.