Тошкент вилоятида аёл эрини ҳимоя қилиб у билан муштлашаётган икки эркакни пичоқлаб ташлади. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 4 май куни соат 16.30 да 33 ёшли аёл 35 ёшли эри ўзидан катта ёшли икки эркак билан муштлашаётганини кўриб қолади. Шунда аёл эрини улардан ажратиб олиш ва икки эркакка тан жароҳати етказиш мақсадида ошхона пичоғи билан ҳужум қилган. Натижада аёлнинг эри билан муштлашаётган икки эркак тан жароҳатлари билан Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Олинган хулосага кўра икки эркакка ҳам оғир тан жароҳати етказилган. Департаментнинг қўшимча қилишича, аёлнинг эри ва муштлашаётган эркаклар ўртасида азалий низо бўлган.
Ҳозирда 33 ёшли аёлга нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноий иш қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.