Навоийда йигит севган қизидан фош бўлиши керакмас бўлган маълумотларни тарқатиш билан қўрқитиб, пул талаб қилди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар қилди.
Маълум бўлишича, Навоий вилояти Навбаҳор туманида яшовчи 22 ёшли қиз ўзининг 27 ёшли севган йигити уни қўрқитиб пул талаб қилаётгани юзасидан ҳуқуқ тартибот органларига хабар қилган. Қизнинг маълум қилишича, у 2 йилдан бери йигит билан яқин муносабатда бўлиб юрган. Кунларнинг бирида йигит қиз фош этилишини истамаган маълумотларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан қўрқитиб ундан 3 млн сўм талаб қилган. Йигит айтилган пулни қизнинг қўлидан олаётганда ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.