Самарқандда шифокор 34 нафар фуқарога коронавирус юқтирди. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Маълум бўлишича, туман тиббиёт бирлашмасида бўлим мудир бўлиб ишлаб келаётган Х.Д. соғлиғида ўзгариш борлигини билсада, йўталиб тана ҳарорати 39 даражага кўтирилишига қарамай, ўзида коронавирус белгилари борлигини билса ҳам тиббий кўрикдан ўтмасдан 20 апрелдан 27 апрелга қадар уй шароитида ўзини даволаб келган. Бу орқали у санитарияга оид қонун ҳужжатларни қўпол равишда бузган. Шу орқали у доимий мулоқотда бўлган турмуш ўртоғи, қариндошлари ва ҳамкасблари ҳамда ўзи даволаб келаётган жами 11 нафар шахсга, улар орқали эса яна 23 нафар фуқарога, жами 34 нафар шахсга коронавирус юқтирган.
Ҳозирда барча фуқаролар карантинга олиниб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Шу йил 12 май куни Х.Д.га нисбатан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонун ҳужжатларни ёки эпидемияга қарши кураш қоидалари бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда карантин қоидалари кучайтирилиши маълум қилинган эди.