Навоийда 2 ёшли қизалоқни автомашина босиб кетди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Кармана тумани судининг раиси хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 5 апрел куни фуқаро Ш.М. ўзининг "Тико"сини орқа томонга бошқараётиб, ҳеч ким йўқлигини текширмасдан кўчада кетаётган 2018 йилда туғилган Р.А.ни машинанинг орқа қисми билан уриб юборган ва бунинг оқибатида қизалоқ "Тико" остида қолиб ҳалок бўлган.
Шу йил 11 май куни ушбу ҳодиса юзасидан бўлиб ўтган судда фуқарога айблов эълон қилинди. Унга кўра, суд фуқаро айбига тўла иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчи томонга моддий тарафдан ёрдам бергани, жабрланувчи қонуний вакили К.Ортиқованинг даъвоси йўқлиги, унинг 60 ёшдан ошганлигини инобатга олиб, ушбу ҳолатларни жиноятнинг ижтимоий хавфлилигини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб ҳисоблади.
Суд қарорига кўра Ш.М.га 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.