Сурхондарёда карантин қоидаларини бузиш бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилаётганда ИИБ ходимларига шикаст етказганларга жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 14 май куни Шерободда фуқаро карантин қоидаларини қўпол равишда бузиб уйида қариндошлар ва қўшниларини йиғиб, “Таровех намози” ва оммавий ифторлик маросимини ўтказган. Воқеадан хабар топган ИИБ ходимлари ва вакиллар ҳодиса жойига етиб бориб, фуқаро Б.Д.га нисбатан баённома расмийлаштирилаётган вақтда унинг 4 нафар фарзанди ва неваралари фаол қаршилик қилиб, инспектор ва маҳалла раисига жароҳат етказиб, темир билан ички ишлар ходимларининг автомашинаси ойналарини синдириб ташлаган. Шунингдек, воқеа жойига келган туман ИИБ ходимларини ҳам хонадондагилар темир ва таёқ билан уриб уларнинг ҳам автомашинасига шикаст етказишган.
Ушбу ҳолат бўйича шу йил 15 май куни ЖКнинг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.