Андижонда велосипеддан йиқилган фуқаро воқеа жойида вафот этди . Бу ҳақда Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг муносабатида маълум қилинган.
Шу йил 20 майда Андижон шаҳри, Бобуршоҳ кўчасида велосипедда кетаётгна фуқаро йиқилиб тушган. Шундан сўнг фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатга кўра Тез ёрдам машинаси соат 12.14 да воқеа жойига бориш учун йўлга чиққан. Улар ҳодиса жойига соат 12.23 да етиб борган ва улар ўша жойга етиб борганида фуқарода ўлим ҳолати аниқланган бўлган. Шундан сўнг шифокорлар ИИБга мурожаат қилган ва соат 12.44 да ходимлар етиб келган. Суд-тиббий экспертиза бюросининг хулосасига кўра фуқаронинг ўлимига йиқилиш эмас, балки сурункали юрак ишемик касаллиги сабаб бўлган. 1951 йилда туғилган ушбу фуқаронинг яқинларининг сўзларига кўра у вафот этгунга қадар икки марта юрак хуружини бошдан ўтказган.
Таъкидлаш жоиз, ижтимоий тармоқларда тарқалган воқеа видеолавҳасида одамлар тез ёрдам машинаси вақтида етиб келмаганини маълум қилган. Лекин бошқарманинг муносабатида тез ёрдам ходимлари ҳодиса жойига 9 дақиқада етиб келганини англаш мумкин.