Наманганлик ўсмир Сурхондарёдаги икки ногироннинг пластигидан хайрия қилинган пулларни ўғирлади. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 3 май куни "Азизчик" номи остидаги телеграм фойдаланувчиси 23 ёшли термизлик иккинчи гуруҳ ногирони С.Н.га пластигига эҳсон қилишини айтиб, унинг пластик картаси рақамини ҳамда смсдан келадиган кодни айтишни сўрайди. Термизлик йигит уларнинг барчасини "Азизчик"га маълум қилади. Шу тариқа ногирон йигитнинг пластигидан 4 миллион 40 минг сўм пул ечиб олинади. Ушбу ҳолатдан сўнг С.Н. ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилади. Тезкор тадбир натижасида эса бу ишни Наманган вилояти Чуст туманида яшовчи 9 синф ўқувчиси қилгани маълум бўлди.
Суриштирув жараёнида бу ўсмир термизлик яна бир фуқаро, биринчи гуруҳ ногиронининг ҳам пластигидан 46 минг 854 сўмини ҳудди шу йўл билан қўлга киритгани маълум бўлади.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.
Аввалроқ Марказий банк пластик картанинг паролини билмасдан масофадан туриб пул ечиб олувчи фирибгарлар ҳақида огоҳлантирган эди.