Фарғона водийси вилоятларини Тошкент шаҳри билан боғловчи миллий автомагистрал йўлида турли юк ва маҳсулотларни ташувчи ҳайдовчиларга босқинчилик қилиб, моддий бойликларни талаган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотига таяниб хабар қилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан 11 кишидан иборат замонавий “қароқчилар” – жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан ҳукм ўқилди.
Бу жиноий гуруҳ транспорт воситасида Андижон-Тошкент-Андижон йўналишида йўловчи ва моддий қимматликлар ташувчи ҳайдовчиларга нисбатан босқинчилик қилиш, шу йўл билан осонгина бойликка эга чиқишни режалаштирган эди. Мазкур жиноий гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланган бўлиб, кимдир жиноят содир этиш қуроллари ва воситаларини тайёрлаб бериш, яна кимдир эса автомашиналарнинг ҳаракатланиш вақти ҳақида хабар бериб туриш, қолганлари эса бевосита жиноятни бажариш билан шуғулланиб келган. Энг ачинарлиси шуки, улар орасидан 1 нафари ички ишлар идораси, 2 нафари эса давлат солиқ инспекциясининг собиқ ходимларидир.
Андижон вилояти Қорасув шаҳрилик Дониёр Юлдашев илгари оғир жиноятини содир этганлиги учун судланган. У жиноят содир этишга мойил бўлган бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, транспорт воситасида Андижон-Тошкент-Андижон йўналишида йўловчи ва моддий қимматликлар ташувчи ҳайдовчиларни аниқлаб, уларнинг ҳаракатланиш йўналишлари ва транспорт воситасига жойлаштирилган моддий қимматликлар ҳақида жиноятнинг бошқа иштирокчи (бажарувчи ва ёрдамчилар) ларига маълумот бериб, улар томонидан босқинчилик йўли билан қўлга киритилган моддий қимматликлардан улуш олишни режалаштирган.
2018 йил 4 май куни жиноий ҳаракатни амалга ошириш учун олдиндан режа тузилади. Р. Ҳакимов “Афзал” деган шахс билан учрашиб, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи Д. Маматўраев ўзининг бошқарувидаги “Lacetti” русумли транспорт воситасида Тошкент - Андижон йўналишида катта миқдорда пул олиб келиши мумкинлиги ҳақида маълумот беради.
Бундан ташқари, у илгари оғир (босқинчилик) жиноятини содир этганлиги учун судланган Л. Исомиддинов ва бошқалар билан учрашиб, уларга Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳрида яшовчи М. Исмоилов ўзининг бошқарувидаги «Lacetti» русумли транспорт воситасида 2018 йил 20 май куни тунда Тошкент – Қорасув йўналишида пул олиб келиши мумкинлиги ҳақида маълумот берган.
“Катта ўлжа”нинг “ҳидини олган” Р. Ҳакимов Д. Юлдашевнинг ташаббусини амалга ошириш мақсадида акаси Б. Ҳакимов ва Ф. Бекташев, Ж. Аҳмаджонов, Ж. Тожимаҳамматов, Қ. Латипов билан жиноятни амалга ошириш учун қора маска, қўлқоп, ёғоч ва резина таёқлар билан қуролланиб, Тошкентдан келаётган “ўлжа”ни пойлашга тушишади.
3 майдан 4 майга ўтар кечаси жиноий гуруҳ аъзолари ҳар бири ўз вазифаларини “сидқидилдан” бажариб, Д. Маматўраев бошқарувидаги “Lacetti”ни тўхтатиб, ҳайдовчи ва йўловчиларга ҳужум қилишади. Уларни қўрқитишиб, транспорт воситасининг орқа-ён ойналарини ўзларидаги ёғоч ва резина таёқлар билан уриб синдиришади. Ҳайдовчи ва йўловчиларни транспорт воситасидан тушириб юборишиб, “Lacetti”ни олиб қочишади.
Шундан сўнг, олиб қочилган “Lacetti”ни бир неча километр бошқариб боришиб, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Уч уй-Қизилтепа автомобиль йўлининг 3-километрида тўхташади. Эшик ва юкхонадаги пластмасса қопламаларни кўчиришиб, автомобиль салонидан “ўлжа”ни ахтаришади.
Лекин ўзлари кутганидек, пулни тополмай, машинани шу жойда қолдиришиб, ўз машиналарида воқеа жойидан яширинишади.
Шунингдек, Л. Исомиддинов, Ф. Юлдашев, И. Зокиров ва Ш. Собиров 20 май куни тунги вақтда “Тошкент – Қорасув” йўналишида ҳаракатланаётган М. Исмоилов бошқарувидаги “Lacetti” русумли транспорт воситасида бўлиши мумкин бўлган моддий қимматлик (пул)ни босқинчилик йўли билан эгалламоқчи бўлди. Жиноят изини йўқотиш мақсадида андижонлик Ё. Э. га тегишли бўлган “МАЗ-504В” русумли транспорт воситасининг давлат рақам белгисини Ф. Б. бошқарувидаги “Lacetti” автомобилига “ёпиштириб” олишади. Уларнинг босқинчилик жиноятини содир этишлари ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларига кўра содир этилиши бошлангунга қадар тайёргарлик кўриш босқичида тўхтатилган. Бўз туман ИИБ ходимлари томонидан улар қўлга олинган.
Халқимизда “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган нақл бор. Тергов жараёнида “қароқчилар”нинг бошқа қилмишлари ҳам юз кўрсата бошлади.
Хуллас, барча далиллар асосида бу йигитларнинг қилмишлари фош бўлди. Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида М. Ибрагимов расилигида мазкур жиноят иши адолатли кўриб чиқилиб, судланувчиларга нисбатан ҳукм ўқилди. Д. Юлдашевга 11 йил, бошқа судланувчиларга ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчиларнинг суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилгани ҳақидаги важларига судда, мазкур жиноят иши юзасидан суриштирув ва тергов ҳаракатларини олиб борган ИИБ ходимларини сўроқ қилиш ва суд-тиббий экспертиза тайинлаш йўли билан аниқлик киритилиб, бартараф қилинди. Натижада, уларнинг важлари тасдиқланмади. Мақбул далиллар - тергов ҳаракатлари видео тасвири туширилган ўн уч дона компакт дисдаги видеоёзувлар судда тарафлар, судланувчилар ва уларнинг яқин қариндошлари, суд залида ҳозир бўлган бошқа шахслар иштирокида тўлиқ кўриб чиқилди. Судга раислик қилувчи томонидан суд томонидан қабул қилинган қарор юзасидан батафсил тушунтириш берилди.
Лекин бизни бошқа жиҳатлар ўйга толдиради. Улар жазони ўтаб ҳам келишар, озодликка чиқиб, оиласи бағрига қайтишар ҳам. Аммо улар юзини қора қилиб, манглайига тушган “қароқчи”, “босқинчи” деган тамғадан қандай қутулишади? Эл-юрт, маҳалла-кўй олдида, фарзандлари, неваралари қошида нима деган одам бўлишади?