Қўшработдаги ҳибсхонада фуқаро вафот этди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 4 июль куни туман ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида фуқаро О.Назаров тўсатдан вафот этган. Хабар қилинишича, фуқарога ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши кўрилишида суддан яширинганлиги сабабли суд ажрими билан 13 майда унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида сиртдан қамоқ қўлланилган. Шундан сўнг Назаров 2 июлда ушланган ва хибсхонага олиб келинган. Фуқаро у ерга келгач, 4 июл соат 10:00 да хибсхона ходимига кўзига турли хил нарсалар, илон, чаёнлар кўринаётганини айтган. Шундан сўнг уни текшириш учун психиатр-нарколок олиб келинган. Лекин шу куни 21:00 да фуқаро хибсхонада тўсатдан вафот этган.
Прокуратуранинг маълум қилишича, фуқаронинг танасининг ташқи тарафида тан жароҳатлари аниқланмаган. Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасида О.Назаровда ўткир ўпка ва бош мия шиши оқибатида ўлим келиб чиққанлиги кўрсатилган. Ҳозирда фуқаронинг ўлими юзасидан уни текширган шифокор, хибсхона ходимлари ва бошқаларга нисбатан хизмат текширувлари тайинланган.
Шунингдек, қўшимча қилинишича, марҳум сақланган ҳужрадаги камера текширилганда, О.Назаров қўл оёқларини кўтарганча талвасага тушиб қолганлиги акс этган бўлган. Вазият вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.