Самарқандда хотинини шафқатсизларча калтаклаган эркакка нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар қилди.
Кеча ижтимоий тармоқларда эри томонидан калтакланган аёлнинг видеолавҳаси тарқалди. Уни тарқатганлар оилада аёл доимий қийноққа солиниб келиниши ҳақида изоҳ ёзиб қолдиришган. Вилоят ИИБнинг маълум қилишича аёл ҳақиқатан шу кунгача қийноққа солиниб келинган. Видеода калтактанган аёл самарқандлик 25 ёшли М. экани маълум бўлди. Уни 35 ёшли Ш. калтаклаган. Аёл 17 ёшида ушбу эркакка шаръий никоҳ асосида турмушга чиққан. 2015 йилда эса улар қонуний никоҳ қуриб яшай бошлаган. Тарқалган видеодаги ҳолат эса шу йил 20 август содир бўлган. Ўша куни эр турли баҳоналар билан хотинини шафқатсизларча калтакланган.
Ҳозирда аёл ва унинг икки нафар фарзанди ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари томонидан ҳимояга олинган ва уларга "Ҳимоя ордери" берилган. Уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилган. Аёл ва фарзандлари билан психологлар ишламоқда. Калтаклаган эркакка нисбатан эса ЖКнинг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.